Ўн кун аввал тамоғим ачишди.

Ўн кун аввал тамоғим ачишди. Гуглга кириб "Каронавирус аломатлари" ни ўқидим. Ҳайрият, кечаги яхна ичимлик таъсири экан.

Эртасига бошим, хусусан икки чаккам қаттиқ сиқди. Гуглга кириб, "Каронавирус аломатлари" ни ўқидим. Ҳайрият, қон босимим тушиб кетибди.

Икки кундан кейин эрталаб белимни кўтаролмай қолдим. Телефонни кўтариб, "Каронавирус аломатлари" ни очдим. Ҳайрият, "фақат бел оғрийди" деган жойи йўқ. Кеча кўпроқ ҳаракат қилгандим.

Эрталаб турсам ичим расво. Зарурхонага қараб чопдим. Эсим қурсин, телефон... Манзилга вақтида етиб олдим. Гуглга кириб, "Каронавирус аломатлари" ни қарамадим. Биламан, бундай аломати йўқ. Лекин воҳимага тушиб қолганим учун Гуглга кириб, "Каронавирус аломатлари" ни ўқидим. Ҳайрият, фобияга тушиб қолибман.

Мабододе.

© Абдуқодир Мухаммадросул